"Киберхавфсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойихаси муҳокама қилинди
Кибермакондаги муаммолар ва хатарларнинг кўпайиши, кибержиноятчиликнинг кескин ошиши, онлайн ҳужумларнинг ортиши ва дунёда кибермакон ривожлашинининг олдиндан айтиб бўлмайдиган динамикаси Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш учун меъёрий – ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш зарурати борлигини кўрсатди.Ўзбекистон Республикаси кибермаконида киберхавфсизлик масалаларига ягона ёндашувни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида киберхавфсизлик соҳасида ривожланган ҳорижий давлатлар Россия, Хитой, АҚШ, Қозоғистон, ва Сингапур тажрибалари ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш жараёнида манфаатдор вазирлик ва идораларининг экспертларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, баҳслар, учрашувлар, семинарлар ва видеоконференциялар ўтказилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳар бир манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул шахслари, ушбу қонун лойиҳаси ўз ташкилотларида атрофлича ўрганилиб баҳслар, тортишувлар, ҳамда келишувларга сабаб бўлганини айтиб ўтдилар.
Шу билан бирга, киберхавфсизлик таъминлашдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида телевидениеда бир неча очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Ижтимоий тармоқларда киберхавфсизликни таъминлашда юзага келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари ва аҳамияти тўғрисидаги мақолалар жойлаштирилиб келинмоқда.
“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши республика миқёсида киберхавфсизликни таъминлашга доир давлат сиёсатини амалда жорий этилишини таъминлайди. Ўз ўрнида бу қонун давлат томонидан киберхавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техникавий ва норматив-услубий тартибга солиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини сақлаш, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиб кўрсатиш, нусха кўчириш, блоклаш каби рухсат этилмаган ҳаракатларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашувнинг бошқа шаклларига йўл қўймаслик тизимни такомиллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси "Киберхавфсизлик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамаси юзасидан фикр ва таклифларингизни ушбу электрон почта манзилига юборишингиз мумкин: qonun@csec.uz